Миср компанияси ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилмоқчи

© Пресс-служба президента УзбекистанаЎзбекистон ва Миср байроқлари
Ўзбекистон ва Миср байроқлари - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.02.2024
Oбуна бўлиш
Компания Ўзбекистон бозорига кириб боришдан манфаатдор эканини билдирди.
ТОШКЕНТ, 5 фев — Sputnik. Миср компанияси Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқиш билдирмоқда, дея хабар берди Дунё" АА.
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида "Arma" компаниясининг халқаро ҳамкорлик менежери Аҳмад Розза билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Аҳмад Розза компания ўз маҳсулотларининг хорижга экспорт кўламини ошириш, янги бозорларга чиқиш ва чет эллик ҳамкорлар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратаётганини қайд этди.
Шунингдек, компания Марказий Осиё минтақаси давлатлари, биринчи навбатда Ўзбекистон бозорига кириб боришдан манфаатдор эканини билдирди.
“Компания вакили бизнес учун қулай инвестицион муҳит, имтиёз ва енгилликлар яратилган Ўзбекистонни истиқболли шерик сифатида кўриши ҳамда мамлакатимиздаги турдош компания ва ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик ўрнатишга қизиқишини маълум қилди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, келгусида ҳамкорликни давом эттириш ва Ўзбекистондаги корхоналар билан алоқаларни йўлга қўйишда ёрдам кўрсатилишига келишиб олинди.
Маълумот учун, "Arma" компанияси 1992 йилда ташкил этилган. У турли хилдаги ўсимлик ёғи, сарёғ ва маргарин ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Озиқ-овқат соҳасида нуфузли 30 га яқин халқаро ва минтақавий сифат сертификатларига эга.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон Миср билан исломий кредитлаш масалаларини кўриб чиқаётгани маълум қилинган эди. Шунингдек, Мисрнинг энг йирик молия-саноат корпорацияси Hassan Allam Holding Фарғона вилоятида тоза ичимлик суви тизимларини модернизация қилишда иштирок этади.
Янгиликлар лентаси
0