ТОШКЕНТ, 2 июн — Sputnik. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Туризм инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасини тузилишни таклиф қилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.
Бугун Хивада ИҲТ Туризм вазирлари Ислом конференциясининг XII сессияси бўлиб ўтди.
Тадбир аввалида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Туризм вазирлари Ислом конференцияси XI сессияси раиси (Озарбайжон) раисликни Ўзбекистонга топширди.
Хивада ИҲТ Туризм вазирлари Ислом конференциясининг XII сессияси бўлиб ўтди.
© Министерство Экологии, охраны окружающей среды и изменения климата республики Узбекистан
“2023 йил якунида Ўзбекистонда туризм соҳаси тўлиқ қайта тиклади. Юртимизга 7 миллион нафар сайёҳ ташриф буюрди. Ички туризм йўналишида 21 миллион саёҳат амалга оширилди. Туризм хизматлари экспорти 2,1 миллиард доллардан ошиб, умумий хизматлар экспортининг 40 фоизни ташкил қилди”, — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.
Унинг сўзларига кўра, соҳада бугунги кунда 370 минг кишининг бандлиги таъминланган. Туризм хизматлари диверсификация қилиниши эвазига хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистонда ўртача қолиш муддати 2017 йилдаги 3-4 кундан ҳозирда 8-10 кунгача узайтирилди.
Вазир илгари сурган таклифлар:
“Смарт-туризм манзиллари” дастурини амалга ошириш;
“Ислом туризм масканлари” дастури ҳамда мега-инфотурлар ташкил қилиш;
“ИҲТ Туризм инфратузилмасини ривожлантириш жамғармаси”ни тузиш;
Ислом цивилизацияси учун қадрли маданий мерос объектларини реставрация ва консервациясига ҳомийлик ва хайрия фаолиятини кучайтириш;
“ИҲТ Экотуризм тармоғи”ни шакллантириш;
БМТ Туризм ташкилоти ва Самарқанддаги Халқаро туризм академияси ўртасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Хивада ИҲТ Туризм вазирлари Ислом конференциясининг XII сессияси бўлиб ўтди.
© Министерство Экологии, охраны окружающей среды и изменения климата республики Узбекистан
“Ислом туризмига қизиқиш ортиб бораётгани ИҲТга аъзо давлатларга саноатни ривожлантиришда муҳим афзалликларни тақдим этади. Ҳалол таъминот занжиридан фойдаланиш борасида жамоавий ҳаракат қилиш ислом туризмини тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ислом туризми ИҲТ доирасида туризмни сезиларли даражада яхшилаш имкониятини тақдим этади. Бу аъзо давлатлар учун ушбу жадал ривожланаётган секторнинг иқтисодий, маданий ва ижтимоий афзалликларидан фойдаланиш учун ажойиб имкониятдир”, — деди ИҲТ Бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа.
Шунингдек, у ташкилотга аъзо давлатларни ҳамкорликни кенгайтириш ва илғор тажриба алмашишга чақирди.
Тадбир давомида Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳақида тақдимот ҳам ўтказилди.
Шунингдек, иккита ишчи сессиялар ва ICTM XII сессиясининг юқори мансабдор шахслари мажлиси раисининг ҳисоботи ва ИҲТга аъзо давлатлар делегациялари раҳбарларининг баёнотлари тақдим этилди.