Трамп ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбдор деб топилди

Трампнинг ўзи ҳакамлар ҳайъати қарорини шармандалик деб атади ва у бегуноҳ эканини, “охиригача курашишини” айтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Нью-Йорк суди ҳакамлар ҳайъати АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампни иш ҳужжатларини сохталаштириш бўйича жиноий ишда айбдор деб топди, деб хабар бермоқда РИА Новости мухбири.
Трампга нисбатан суд ҳукми 11 июлга белгиланган. У ҳукм устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга ва бу унинг президентликка номзодини қўйишига тўсқинлик қилмайди.
Трампнинг ўзи ҳакамлар ҳайъати қарорини шармандалик деб атади ва у бегуноҳ эканини, “охиригача курашишини” айтди. У жараённи олиб борган судьяни коррупцияда ва унинг манфаатларига путур етказаётганликда айблади.
“Мен мутлақо бегуноҳ одамман, лекин ҳаммаси жойида, мен мамлакатимиз учун, конституциямиз учун курашаман", - деб қўшимча қилди собиқ президент.
Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон ҳукмни шарҳлар экан, бу “Америка тарихидаги шармандали кун” эканини айтди.
Америка маъмуриятининг вакили Иан Сэмс, ўз навбатида, Оқ уйда “қонун устуворлиги ҳурмат қилинишини” айтди ва қўшимча изоҳ беришдан тийилди. Жо Байденнинг сайловолди штаб-квартираси эса “қонун ҳамма нарсадан устун” деб эълон қилди ва америкаликларни Трампнинг бўлажак сайловларда ғалаба қозонишига йўл қўймасликка чақирди.
Собиқ президент икки аёлга муносабатлар ҳақида сукут сақлашлари учун пул тўлаган ҳолда иш ҳужжатларини сохталаштиришда айбланмоқда. Бирлаштирилган айбловлар учун максимал мумкин бўлган жазо 136 йил қамоқдир.
Трампнинг ўзи айбсизлигини ва иш қўзғатишга асос йўқлигини эълон қилди. Унинг фикрича, таъқиблар фақат сиёсий сабабларга кўра ва унинг яна президентлик учун кураш олиб бориш нияти билан боғлиқ.
АҚШдаги сайловларгача жаҳон уруши бошланиши мумкин — Трамп