Президент Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди

Энди зиёратчилар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига, суннатга мувофиқ, қибла тарафдан юриб боради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошлади.
У ерда қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Шундан сўнг президент мажмуада амалга оширилган ишлар билан танишди.
Мажмуада Тоқи миёна дарвозасидан борувчи тарихий йўлак тикланди. Энди зиёратчилар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасига, суннатга мувофиқ, қибла тарафдан юриб боради. Дарвозанинг икки ёни боққа айлантирилган. Музей ва таҳоратхона барпо этилган. Йўқолиб бораётган Дониёлбий мадрасаси тикланмоқда.

"Юз йил вайрон бўлиб ётган бу дарвозани тиклаганимиз - ўзликни англаш, тарихга ҳурматимиз ифодаси. Энди бу ердаги ҳар бир обидага, хонлар даҳмаларига битиклар ёзиб қўйиш керак. Зиёратга келганлар қадамма-қадам тарихни ўрганиб, маънавий руҳ олиб ўтсин", - деди Шавкат Мирзиёев.


Олимлар билан суҳбатда Баҳоуддин Нақшбанд меросини чуқур ўрганиш ҳақида фикр алмашилди. Чет давлатлардан манбаларни олиб келиш, илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, музейни Имом Бухорий мажмуасидагидек мазмунан бойитиш зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев зиёратчилар, жумладан, хорижий туристлар учун қулайликларни кенгайтириш, қишга ҳам, ёзга ҳам мос шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.