Энди оромгоҳлар ҳудуди тадбиркорларга ижарага берилади — қандай шартлари бор?

Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам оладиган болалар қамрови кенгайтирилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Энди тадбиркорлар оромгоҳларлар ҳудудини ижарага олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда президент қабул қилган тегишли қарорда назарда тутилган.
Президент “Болалар соғломлаштириш оромгоҳларида дам оладиган болалар қамровини кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Унга кўра, стационар болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида тадбиркорлик субъектлари ва хўжалик юритувчи субъектлар билан манфаатли ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилади.
Ҳамкорларга ижаралар қуйидаги муддатгача берилади:
15 йилгача — оромгоҳлар ҳудудининг бир қисмида янги биноларни қуриш ёки мавжуд биноларни таъмирлаш ва жиҳозлаш шарти билан оромгоҳлар бино-иншоотлари ва ер участкаларининг бир қисми;
10 йилгача — оромгоҳлар ҳудудида янги биноларни қуриш ёки мавжуд биноларни таъмирлаш ва жиҳозлаш шарти билан оромгоҳлар бино-иншоотлари ва ер участкаларини ёзги мавсумдан ташқари пайтда фойдаланиш учун;
10 йилгача — оромгоҳлар ҳудудида янги биноларни қуриш ёки мавжуд биноларни таъмирлаш ва жиҳозлаш, шунингдек, ёзги мавсум пайтида оромгоҳлар ташкил этиш шарти билан оромгоҳлар бино-иншоотлари ва ер участкалари.
Ҳамкорлик лойиҳалари тадбиркорларга “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали таклиф этилади. Шартлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ишлаб чиқилади.
Шунингдек, белгиланган оромгоҳларнинг бино-иншоотлари ва ер участкаларини ёзги мавсумдан ташқари пайтда ҳамкорларга ижарага бериш орқали уларни ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилади.