Банклар фақат кредит ажратувчи марказ эмас — Мирзиёев бизнесга оид тақдимот билан танишди

Шавкат Мирзиёев “Асакабанк” ва Бизнесни ривожлантириш банкининг тақдимоти билан танишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 май — Sputnik. Банклар фақат кредит ажратадиган марказ эмас, балки ўзи истиқболли лойиҳаларни амалга оширадиган ва уларни тайёр бизнес сифатида тадбиркорларга тақдим этадиган замонавий инвестиция-тижорат тузилмасига айланиши керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган тақдимотда сўз борди.
Мирзиёев “Асакабанк” ва Бизнесни ривожлантириш банкининг инвестиция фаолияти ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга оид тақдимоти билан танишди.
Қайд этилишича, “Асакабанк” бу йил лойиҳаларга 2,1 миллиард доллар жалб қилиб, уларни тўлиқ ўзлаштиришни мақсад қилган. Бундан ташқари, фармацевтика ва автомобиль саноатида жами 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилган.
Банкларнинг инвестициялар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти кўриб чиқилди
Шунингдек, банк иштирокида 285 минг аҳолининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мўлжалланган.
Бизнесни ривожлантириш банкининг тақдимотига кўра, 2024 йилда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ва инвестиция лойиҳаларига жами 1,5 миллиард доллар жалб қилинади. Шундан 225 миллион доллари халқаро молия институтларидан олиб келинади. Ушбу маблағларни ўзлаштириш орқали йил якунигача жами 47 мингдан ортиқ микролойиҳалар амалга оширилади.
Шунингдек, аҳолининг бизнес ғояларини молиялаштириш орқали 380 мингта ўзини ўзи банд қилган шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Банкнинг ўқитиш дастурлари билан 70 мингдан ортиқ аҳолини қамраб олиш белгиланган.
Давлатнинг фаол ташқи сиёсати натижасида ҳамкор мамлакатлар ва халқаро тузилмалар билан кўплаб келишувларга эришилган. Жумладан, “Асакабанк” иштирокида 772 миллион долларлик 87 та, Бизнесни ривожлантириш банки томонидан 485 миллион долларлик 45 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.
Банкларнинг инвестициялар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти кўриб чиқилди
“Банклар ўз ишини янгича ташкил қилиб, фақат кредит ажратадиган марказ эмас, балки ўзи истиқболли лойиҳаларни амалга оширадиган ва уларни тайёр бизнес сифатида тадбиркорларга тақдим этадиган замонавий инвестиция-тижорат тузилмасига айланиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистонда йиллик кредит ажратиш ҳажми 1,8 баробарга кўпайди
Давлат раҳбари банклар барча мижозлари билан манзилли ишлаши кераклигини қайд этди. Бунда лойиҳанинг ҳар бир босқичида кўмаклашиш зарур. Натижаси янги иш ўринлари яратилиши ва маҳаллаларда камбағалликнинг қисқаришида ўз ифодасини топиши кераклигини таъкидлади.
Ўзбекистонда инвестицион муҳитни яхшилаш учун нима қилинмоқда — Шавкат Мирзиёев