Футзал бўйича ЖЧ: Ўзбекистон мусобақага қандай тайёргарлик кўрмоқда?

Жаҳон чемпионати ўйинларига чипталари мавжуд бўлган хорижий ва маҳаллий мухлислар учун темир йўл чипталарига 50 фоиз миқдорида чегирмалар берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Бу йил Андижон, Бухоро ҳамда Тошкент шаҳарларида футзал бўйича Жаҳон чемпионати юқори даражада ташкил этилади. Бу ҳақида президент томонидан қабул қилинган тегишли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати Андижон, Бухоро ҳамда Тошкент шаҳарларида 2024 йил 14 сентябрь – 6 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Унга муносиб тайёргарлик кўриш, уни юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида қуйидагилар тасдиқланди:
2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби;
2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси.
Шунингдек, 2024 йил июнь ва август ойларида Жаҳон чемпионати бош соврини – Жаҳон кубогини оммага таништириш учун республика бўйлаб “Trophy experience” футзал тури маршрути ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахсларни идентификацияловчи ва чипталарни замонавий технологиялар (QR-код) ёрдамида рўйхатга олувчи ва текширувчи махсус онлайн платформа ишлаб чиқилади.
“2024 йил август – октябрь ойларида Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар, шунингдек, Жаҳон чемпионати ўйинларига чипталари мавжуд бўлган хорижий ва маҳаллий мухлислар учун темир йўл чипталарига 50 фоиз миқдорида чегирмалар жорий қилинади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Жаҳон чемпионатида аккредитациядан ўтган шахслар ҳамда ўйин кунлари чипталари мавжуд бўлган шахслар учун жамоат транспорт воситаларидан (автобус, метро) бепул фойдаланиш имконияти яратилади.
Эслатиб ўтамиз, FIFA қарори билан футзал бўйича бу йилги жаҳон чемпионати Ўзбекистонда ўтказилиши белгиланган. Мусобақада дунёнинг энг кучли 24 жамоаси қатнашади. Иштирокчи мамлакатлардан нуфузли меҳмонлар, 30 мингдан зиёд мухлислар келиши кутилмоқда.
Мирзиёев спорт таълимини ривожлантириш режалари билан танишди