ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Чеченистон Республикаси Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Бу ҳақда Россия делегацияси таркибида Ўзбекистонга келган Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров маълум қилди.
“Чеченистон Республикаси минтақалараро даражада ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Бунинг учун бизда мавжуд меҳнат ресурслари, қулай географик жойлашув ва ривожланган транспорт инфратузилмаси мавжуд. Маданият, туризм, сармоявий фаолият, ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш соҳаларида ўзаро ҳамкорлик истиқболларини кўриб турибмиз. Ўтган йили Чеченистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюриб, у ерда Ўзбекистон маданият вазири билан учрашиб, маданият соҳасидаги ҳамкорлик шаклларини белгилаб олган эди”, — деди Қодиров.
У Ўзбекистон ҳудудлари билан бошқа соҳаларда ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкинлигига ишонч билдирди.
“Шубҳа йўқки, Ғарб ва Европанинг санкциялари ва тажовузкорлигига қарамай, Россия илғор ривожланиши ва бутун дунё билан алоқаларини мустаҳкамлашда давом этади”, — дея қўшимча қилди Чеченистон раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, Чеченистон раҳбари Ўзбекистон ва Россия минтақалари кенгашида қатнашиш учун Тошкентга келган эди. Уни аэропортда Отабек Умаров қарши олди. Абдулла Арипов билан учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик стратегик характерга эга экани таъкидланди. Рамзан Қодиров чеченлар Ўзбекистонга нисбатан илиқ муносабатда эканини қайд этди.