Ўзбекистон учун умумий ҳаж квотаси сони белгиланди

Саудия Арабистонида ўзбекистонликлар учун барча шароитларни ҳозирлаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 22 май — Sputnik. Бу йил Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15 000 та. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.
АОКАда бўлиб ўтган брифингда қайд этилишича, “Ҳаж-2024” мавсумига пухта тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида, дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига етиб борган. Улар Макка ва Мадинадаги меҳмонхоналарда, шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа манзилларида бўлиб, ўзбекистонликлар учун барча шароитларни ҳозирлаш бўйича тегишли ишларни амалга оширмоқда.

“23 майдан 7 июнь кунига қадар республиканинг 10 та ҳудудий халқаро аэропорти: Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари орқали ҳожиларни Мадина шаҳрига юбориш ҳамда 22 июндан 12 июлга қадар Жидда шаҳридан Ўзбекистонга олиб келиш ишлари амалга оширилади”, — деди Маърупов.

Қўшимча қилинишича, ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш, ибодатларни эмин-эркин ҳамда тўла-тўкис амалга оширишлари учун юқори малакали Ишчи гуруҳи, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилади.
Uzbekistan Airways ахборот хизмати раҳбари Дилором Каимбаева маълум қилишича, компания томонидан "Ҳаж-2024" мавсумига 124 та чартер йўловчи парвозлари амалга оширилиши режалаштирилган.

“Ҳаж-2024 дастури доирасидаги барча авиақатновлар Boeing 767 ҳаво кемаларида амалга оширилади. Республика аэропортларида рўйхатдан ўтиш вақтида йўловчилар иссиқ нонушта билан таъминланади. Парвоз давомида эса Ўзбекистон Мусулмонлари идораси талабларини инобатга олган ҳолда тайёрланган махсус таомлар тарқатилади”, — деди у.

Маълумот учун, Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида “Ҳаж-2024” визаси бўлиши шарт. Қолган барча турдаги визалар - умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Ҳажга боришдан олдин бажариладиган амаллар