ШҲТ ташқи ишлар вазирларининг Остонадаги йиғилиши якунлари: 22 та ҳужжат имзоланди

Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишида 22 та қарор қабул қилинди. Бу ҳақда ташкилот бош котиби Чжан Мин матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзмоқда Sputnik Қозоғистон.
Унинг сўзларига кўра, имзоланган қарорлар сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликка тааллуқлидир.
ШҲТ бош котиби Чжан Мин.

“Шунингдек, ШҲТ бош котиби котибиятнинг 2023 йил майидан 2024 йил майигача бўлган даврдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маъқулланди”, — деди Мин.

ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси: якуний ҳужжатларни имзолаш жараёни.
Учрашувда ташкилот аъзолари сафини кенгайтириш жараёнига алоҳида эътибор қаратилди, деди ШҲТ бош котиби.
“Бу ШҲТнинг ташкилотга аъзо бўлмаган бошқа давлатлар орасида жозибадорлиги ва ижобий имиджидан далолат беради. Беларусь ташқи ишлар вазири жаноб Сергей Алейник иштирокида Беларусь Республикасини ШҲТга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги эслатмаларни синхронлаштирдик”, — дея қўшимча қилди у.
Унинг қўшимча қилишича, муҳим масала, ташкилотнинг мукаммаллиги тўғрисида мунозара кун тартибида бўлди. Томонлар ШҲТ органлари ва механизмларининг янги шароитларда янада самарали фаолият юритиши масалаларини муҳокама қилишди.
ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси: якуний ҳужжатларни имзолаш жараёни.
Чжан Мин Қозоғистоннинг ШҲТга раислигига ҳам эътибор қаратди.
“2023 йил июль ойидан буён Қозоғистоннинг ШҲТга раислиги доирасида Қозоғистон томони турли соҳаларда 180 дан ортиқ тадбир ташкил этди. Мазкур миссия давомида Қозоғистон ҳамкорлари иқтисодий, сармоявий, транспорт, маданий-гуманитар масалаларга алоҳида эътибор қаратди”, — деди ташкилот бош котиби.
Қозоғистоннинг раислиги мазмунли ва қизиқарли бўлди, деди у.
“Ишончим комилки, ШҲТга аъзо давлатлар кўмагида Остона саммити муваффақиятли ўтади ва ташкилотга янги суръат бағишлайди, шунингдек, унинг ривожланишидаги яна бир муҳим босқичга айланади. Ўз навбатида, биз уни тайёрлаш ва амалга оширишда максимал даражада ёрдам беришга тайёрмиз”, — деб ишонтирди Чжан Мин.
Кузда Исломободда (Покистон) бўлиб ўтиши режалаштирилган ШҲТ Ҳукумат раҳбарлари кенгашини ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Йиғилишда ШҲТга аъзо тўққиз давлат ташқи ишлар вазирлари даражасида ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси раҳбари Руслан Мирзаев иштирок этди.
Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация ҳам йиғилишида иштирок этди. Аввалроқ Бахтиёр Саидов Хитой ташқи ишлар вазири Ван И билан Остонада учрашув ўтказди.
Маълумот учун, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Унга Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон киради. Кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь ва Мўғулистон, ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, БАА, Туркия ва Шри-Ланка.
2023 йил июль ойида Нью-Деҳлида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Эрон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлди. У ерда Беларусь ташкилотга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлар тўғрисидаги меморандумни имзолади. Шу йилнинг июль ойида бўлиб ўтадиган саммитда Беларусь ШҲТнинг тўлақонли аъзосига айланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 4-5 май кунлари Ҳиндистоннинг Гоа штатида ШҲТ ташқи ишлар вазирининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, изчил тараққиётни қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа кўплаб масалаларни қамраб олган ШҲТнинг кенг кўламли кун тартиби кўриб чиқилган.
ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Остонада учрашди