ТОШКЕНТ, 21 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
“Ўзбекистон ва Россия етакчилари олий даражадаги учрашувлар натижасида эришилган келишувлар ижросининг бориши ҳамда бўлажак икки томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилдилар”, — дейилади хабарда.
Товар айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш, етакчи корхоналарнинг кооперация лойиҳаларини амалга ошириш ва маданий-гуманитар алмашинув дастурларини илгари суриш, шу жумладан ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
"Россия президентининг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифига тайёргарликнинг бориши муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада янада ривожлантиришнинг бир қатор амалий масалалари кўриб чиқилади", — дейилади Кремль хабарида.
Владимир Путин Хитой раҳбари билан яқинда Пекинда бўлиб ўтган музокаралар ҳақидаги таассуротлари билан ҳам ўртоқлашди.
Эслатиб ўтамиз, Қозонга амалий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтган эди. Унда Ўзбекистон президенти сайловлардан сўнг Путиннинг илк хорижий ташрифларидан бири Ўзбекистонга бўлишини кутаётганини айтган.