ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Ўзбекистонлик спортчи Диёра Келдиёрова жаҳон чемпионатининг икки карра кумуш медали соҳибига айланди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Диёра Келдиёрова фаолиятида кетма-кет иккинчи бор жаҳон чемпионатларининг финалида курашди.
БААда ўтаётган дунё биринчилигида у -52 кг вазн тоифасининг кумуш медалига сазовор бўлди.
Келдиёрова чемпионлик баҳсида Олимпия ўйинларининг икки карра совриндори, италиялик Одетте Жуффрида билан беллашди. Қизиқарли кураш Жуффриданинг ғалабаси билан якунланди ва у иккинчи ўрин билан чекланди. Ушбу натижа Диёрага жаҳон ва Олимпиада рейтинги учун 1400 очко тақдим қилади.
Эслатиб ўтамиз, 19-24 май кунлари Абу-Даби (БАА) шаҳрида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Жаҳон чемпионатида 110 давлатдан 700 нафарга яқин спортчи, жумладан, Ўзбекистон вакиллари иштирок этмоқда. Ушбу чемпионат давомида дзюдочилар Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари циклидаги энг катта рейтинг очколарини қайд этишлари мумкин.
Бугун мусобақада иккинчи кун беллашувлари бўлиб ўтади. Ушбу кун доирасида ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар вакили медаллар учун кураш олиб боради.