ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Осиё хотин-қизлари форуми иштирокчиларига йўллаган табригида маълум қилинди.
Табрик матнида қайд этилишича, Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган халқаро анжуман хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги фаоллигини янада ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ва дўстона ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.
“Бугунги анжуман натижасида қабул қилинадиган Самарқанд декларацияси асосида келгусида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Осиё хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар фаоллигини ошириш тўғрисида”ги резолюциясининг қабул қилиниши барчамизнинг бу борадаги эзгу интилишларимизнинг ёрқин амалий ифодаси бўлади”, — дея қайд этган президент табрикда.
Таъкидланишича, сўнгги 7 йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 27 фоиздан 35 фоизга кўтарилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизи, Сенат аъзоларининг 25 фоизи аёллардан иборат. Бугун ҳар бир маҳаллада ҳам уларнинг ўз вакиллари бор.
“Ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган аёллар сони 205 мингдан ошди. Юз минглаб аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Салкам ярим миллион нафар сингилларимиз иш билан таъминланди. Ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган талабаларнинг ярмидан зиёдини қизлар ташкил этмоқда”, — дейилади табрик матнида.
Қайд этилишича, Жаҳон банки индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилган.Очиқ гендер маълумотлар индексида энг яхши 20 та давлат қаторидан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, 13-14 май кунлари Самарқандда "Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув" мавзусида Осиё хотин-қизлари форуми бўлиб ўтмоқда.