Сўнгги қўнғироқ: мактаб ўқувчилари учун тавсиялар ва тақиқланган тадбирлар

Ўқувчиларга ресторан ва кафелар, хонадонларда “Битирув оқшомлари”ни ўтказиш тақиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 май — Sputnik. Ўзбекистонда “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари 25 май куни бўлиб ўтади, дея хабар берди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати.
Вазирлик умумтаълим муассасаларида 2023-2024 ўқув йилини якунлаш ва “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди.
Унга кўра, умумий ўрта таълим муассасаларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари 25 май куни соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этилади.
мактаб ўқувчилари сонидан келиб чиққан ҳолда фақатгина 1-, 4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этилади;
маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари вакиллари билан ҳамкорликда ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ташкил этилади;
фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳалла фаоллари, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчилари таклиф этилади;
йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар рағбатлантирилади.
Шунингдек, ўқувчиларнинг ота-оналарига “Энг фаол ота”, “Жонкуяр она”, “Масъулиятли ота-она”, “Аълочи ўқувчи отаси”, “Билимли қиз онаси” номинациялари бўйича ташаккурномалар берилади.
“Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:
турли ресторан ва кафелар, хонадонларда “Битирув оқшомлари”ни ўтказиш, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул маблағларини йиғиш;
битирув тадбирларида ўқувчилардан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, енгил автомашиналарда сайр ташкил этиш;
ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориши.
Хабарда вазирлик ходимлар, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларидан тадбирларни ўтказишда мазкур тавсияларга амал қилишларини сўраган.