Ўзбекистонда Саудия Арабистонининг халқаро мактаблари очилиши мумкин

Саудия Арабистонидаги компания ўзбекистонлик шериклар билан халқаро мактабларни ташкил этишни режалаштирмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Саудия Арабистони Ўзбекистонда халқаро мактаблар ташкил этиш ниятида, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистонидаги "Al Faris International" компанияси раиси Осама бин Солиҳ билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистонда хусусий халқаро мактаблар филиалларини очиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон элчиси Нодиржон Турғунов Саудия Арабистонидаги "Al Faris International" компанияси раиси Осама бин Солиҳ билан учрашди.
Қайд этилишича, компания сармояси билан ташкил этилган халқаро мактаблар дунё мамлакатлари халқаро стандарти "IBO"га асосан фаолият олиб бормоқда. Улар Саудиядаги мактаблар орасида энг юқори ўринларда туради.
Ўзбекистон элчиси шу каби мактабларни республикада очиш, ўқувчилар билимини ҳар томонлама яхшилаш ва ўқитувчиларнинг малакавий кўникмасини ошириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш таклифини билдирди.
Саудия томони ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
"Биз юз фоиз ўз капиталимиз асосида ёки ўзбекистонлик шериклар билан халқаро мактабларни ташкил этишга тайёрмиз. Ушбу мактабларда халқаро стандартларга мос равишда таълим берилади, ўқиш хорижий ва маҳаллий тил қатъий талаби асосида олиб борилади. Бундан ташқари, мактабгача таълим муассасалари ҳам ташкил этилади. Бунда 6 ёшгача бўлган болаларга мактабга тайёргарлик бўйича кучайтирилган дарслар ўтилади", деди Осама бин Солиҳ.
Учрашув якунида "Al Faris International" компанияси делегациянинг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.