ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Яқин йиллардаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) фаолиятининг энг муҳим йўналиши “эркин савдо зонасини кенгайтириш” бўлади. Бу ҳақда Сиёсий экспертлар гуруҳи раҳбари Константин Калачёв маълум қилди, деб ёзмоқда Sputnik Тожикистон.
Москвада Евроосиё иқтисодий иттифоқининг 10 йиллигига бағишланган юбилей саммити бўлиб ўтди, унда бешта давлат раҳбарлари иштирок этди. Сиёсий экспертлар гуруҳи раҳбари Константин Калачёв "Sputnik на русском"га берган интервьюсида ЕОИИ 10 йил давомида қандай натижаларга эришганини айтди.
“ЕОИИ ЕвроАзЭС (Евросиё иқтисодий ҳамжамияти, 2001 йилдан 2010 йилгача мавжуд бўлган тузилма, ЕОИИ ташкил этилиши муносабати билан тугатилган) ва Божхона иттифоқидан бошланди. Мақсадлар аниқ ва оддий эди – товарлар, хизматлар, капитал ва ишчи кучи ҳаракати эркинлиги”, — деди эксперт.
Ягона иқтисодий маконни барпо этиш нуқтаи назаридан эришилган ютуқлар яққол кўриниб турибди, деб ҳисоблайди у.
"Биз реал иқтисодий интеграцияни кўрмоқдамиз, савдо айланмасининг жуда жиддий ўсиши, ягона божхона майдони", — дея тушунтирди Калачёв.
Унинг сўзларига кўра, ЕОИИдан барча мамлакатлар учун ривожланиш драйвери сифатида фойдаланиш, иттифоқ имкониятларидан фойдаланган ҳолда ташқи чақириқлар, таҳдид ва хатарларга жавоб бериш имконияти муҳим аҳамиятга эга.
"Яқин йиллардаги ЕОИИ фаолиятининг энг муҳим йўналиши эркин савдо зонасини кенгайтириш бўлади. Бу борада Мўғулистон, Таиланд, Миср, Ҳиндистон ва Хитой каби давлатлар билан музокаралар давом этмоқда", — дея эслатди таҳлилчи.
У асосийси, нол божлар, Россия товарларини ҳам ушбу мамлакатларга, ҳам у ердан Россия Федерациясига божсиз олиб кириш, шунингдек, жаҳон савдосини янада ривожлантириш эканлигини тушунтирди.