Ўзбекистон кувайтлик туристлар учун асосий сайёҳлик йўналишига айланади

Ўзбекистон тарихий шаҳарлари, қадимий обидалари, гўзал табиат манзаралари ва ўзбек халқининг самимий меҳмондўстлиги билан бутун дунёдан сайёҳларни фаол жалб қилаётгани қайд этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 май — Sputnik. Кувайтда Ўзбекистоннинг инвестициявий ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.
Таъкидланишича, кувайтлик ишбилармон ва инвесторлар иштирок этган тақдимотда Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, иқтисодиёт ва ташқи савдони либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.
Йиғилганларга шу йилнинг 13-14 май кунлари Кувайт Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистоннинг сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ҳамда "Made in Uzbekistan" бренди остидаги маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиши маълум қилинди.
Кувайт фуқаролари учун Ўзбекистонга 10 кунлик визасиз кириш тартиби жорий этилгани, "Jazeera" авиакомпаниясининг Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғонага ҳаво қатновлари йўлга қўйилгани таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон тарихий шаҳарлари, қадимий обидалари, гўзал табиат манзаралари ва ўзбек халқининг самимий меҳмондўстлиги билан бутун дунёдан сайёҳларни фаол жалб қилаётганини қайд этдилар. Шунингдек, қадимий Ипак йўлининг жавоҳири ва энг тез ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бири бўлган Ўзбекистон кувайтлик туристлар учун асосий сайёҳлик йўналишига айланиши мумкинлиги урғуланди.
Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар лойиҳалари муҳокама қилинди