ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Пекинда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Хитой Фуқаролик ишлари вазирлиги делегациялари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, агентлик директори Мансурбек Оллоёров ёлғиз кексалар учун мобиль хизматларини ташкил этиш, маҳалла даражасида хизматларни ривожлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни рақамлаштириш бўйича ҳамкорликни бошлашни таклиф қилди.
Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева болалар ва имконияти чекланган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдорлигини билдирди.
“Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми имзоланди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, Хитой томони 2025-йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган “Ижтимоий ҳимоя: Барқарор ривожланиш ва тенглик сари йўл” мавзусидаги Бутунжаҳон конференциясида иштирок этишга таклиф этилди.
Қайд этилишича, бу ҳамкорлик ҳар икки мамлакат аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилаш учун янги имкониятлар очмоқда.