ҲАМАС нима сабабдан сулҳга рози бўлганини ошкор қилди

ҲАМАС берилган кафолатларга жавобан сулҳга рози бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 8 май — Sputnik. Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати унга берилган кафолатлар туфайли воситачилар томонидан таклиф қилинган сулҳ шартларига рози бўлди. Бу ҳақда ҲАМАСнинг сиёсий етакчиларидан бири Бассам Халаф Sputnik радиосига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Душанба куни ҲАМАС Миср ва Қатар воситачилари томонидан таклиф қилинган 42 кунлик уч босқичли сулҳ шартларига розилигини эълон қилди, унда исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш ва Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш кўзда тутилган ва Исроилнинг жавоби кутилмоқда.
“Музокаралар Исроил қўшинларини Ғазодан олиб чиқиб кетиш ва ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилиш босқичида боши берк кўчага кириб қолди, бироқ берилган кафолатлар бизни бу таклифга рози бўлишга мажбур қилди”, — деди у.
Шу билан бирга, у "юқори мартабали исроиллик ҳарбий асирларни алмашишни кечиктириш бу уруш пайтида ҲАМАС қўлида кучли қартага айланди", деб ҳисоблайди.
Халафнинг сўзларига кўра, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ўт очишни тўхтатишни истамайди ва ҳаракат воситачилар таклифини рад этади деб ўйлаган.
“ҲАМАС исроилликларнинг жавобини кутар экан, Рафаҳда Исроил агрессиясига қаршилик кўрсатади”, — дея қўшимча қилди у.
Халафнинг таъкидлашича, Рафаҳда содир бўлаётган воқеалар музокаралар жараёнига таъсир қилмайди, чунки ҳаракат дастлаб ўзининг қатъий позициясини ва рад эта олмайдиган талабларини баён қилган, биринчи навбатда, бу ўт очишни тўхтатиш ва Исроил армиясини Ғазо секторидан олиб чиқиш.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрда Исроил Ғазо секторидан мисли кўрилмаган ракета ҳужумига учради. Шундан сўнг Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати жангарилари чегара ҳудудларига кириб, ҳарбийлар ва тинч аҳолига қарата ўт очган ва 200 дан ортиқ кишини гаровга олган. Расмий маълумотларга кўра, 1,2 мингга яқин одам ҳалок бўлган.
Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида тинч аҳоли манзилларига ҳужумларни ўз ичига олган “Темир қиличлар” операциясини бошлади. Исроил анклавни тўлиқ қамалга олганини эълон қилди: сув, электр энергияси, ёқилғи, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш тўхтатилди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 34 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган, 78 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.