Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон хавфсизлик хизмати раҳбарлари учрашди

Фарғонада Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон хавфсизлик хизмати раислари учрашди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 май — Sputnik. Фарғонада Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Саймумин Ятимов ва Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Унда умумий хавфсизлик, терроризм, наркотрафикка қарши курашиш ҳамда чегара масалалари кўриб чиқилди.

“Музокаралар чоғида томонлар очиқ ва махфий тарзда минтақавий хавфсизликни таъминлашга оид барча муаммолар тўпламини атрофлича муҳокама қилишди. Терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, ноқонуний миграция, контрабанда ва трансчегаравий характердаги бошқа таҳдид ва чақириқларга қарши курашиш каби долзарб соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди”, — дейилади ДХХ хабарида.

Томонлар давлатлари ўртасида чегарадаги ҳамкорлик ва умуман олганда, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига тўхталиб ўтишди.
Мулоқот чоғида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ кун тартибидаги масалалар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегараларни демаркация қилиш масалалари конструктив тарзда кўриб чиқилди.
“Учрашув иштирокчилари қирғиз-тожик чегараларини делимитация қилиш ва ўзбек-қирғиз давлат чегараларини демаркация қилиш жараёнларини жадаллаштириш бўйича келишувларга эришди ва томонларнинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ушбу масалаларни ҳал этиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгилаб олди”, — дейилган хабарда.
Музокаралар якунида Қирғизистон-Тожикистон ҳукуматлараро комиссияси аъзоларига чегаранинг қолган участкаларини мувофиқлаштириш, шунингдек, тегишли икки томонлама шартномани тайёрлаш ва имзолаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.