ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. Ўзбекистон 55 та давлатга тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилди, дея хабар берди Статистика агентлиги.
Ўзбекистон 2024 йилнинг январь-март ойларида қиймати 775,7 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган.
“Бу кўрсаткич умумий экспортнинг 12,2 % ини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,9 % га ошган”, — дейилади хабарда.
Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари (37,7 %), калава-ип (46,8 %) асосий улушни эгаллаган.
Шундай қилиб, январь-март ойларида дунёнинг 55 та давлатига тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган.
Тўқимачилик маҳсулотлари таркиби:
калава-ип – 363,4 млн;
тайёр тўқимачилик маҳсулотлари – 292,5 млн;
трикотаж мато – 69 млн;
газламалар – 39,3 млн;
пайпоқ маҳсулотлари – 11,5 млн.
Маълумот учун, бугунги кунда тўқимачилик тармоғидаги 6 мингдан зиёд корхона 570 минг аҳолини доимий иш билан таъминламоқда. Ўзбекистонда ўтган йили тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 триллион сўмга етиб, сўнгги 7 йилда 4,2 баравар ошган, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлган. Экспортнинг 80 % Россия, Хитой ва Туркия бозорларига тўғри келмоқда.