ТОШКЕНТ, 6 май — Sputnik. АҚШ Украина қулаган тақдирда, ўз қўшинларини киритиш билан можарога аралашиши мумкин. Бу ҳақда Вакиллар палатасидаги демократик озчиликлар етакчиси Хаким Жеффрис CBS News телеканалига берган интервьюсида айтди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Биз Украинанинг қулашига йўл қўя олмаймиз, чунки агар у қуласа, Америка можарога нафақат пулимиз, балки ҳарбийларимиз билан ҳам аралашишимизга тўғри келиши эҳтимоли катта”, — деди у.
Демократлар етакчисининг сўзларига кўра, АҚШ Республикачилар партиясида Россияга хайрихоҳ фракция кучайиб бормоқда, улар Украинани қўллаб-қувватлашни истамайди ва “негадир Россия АҚШнинг душмани эмас, деб ҳисоблайди”. Жеффрисга кўра, Вакиллар палатасида бу йўналишнинг асосий тарафдори республикачи Маржори Тейлор Гриндир.