Ўзбекистон терма жамоаси “Катта дубулға” турнирида ўзининг илк медалига эга чиқди

Бугун Тожикистонда дзюдо бўйича “Катта дубулға” мусобақаси ўз якунига етади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 май — Sputnik. Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Душанбе “Катта дубулға” турнирида ўзининг илк медалига эга чиқди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
“Катта дубулға” турниридаги илк медалга -73 кг вазн тоифасида курашган Муҳаммад Жумаев муаллифлик қилди.
“Ҳамюртимиз учинчи ўрин учун курашда мўгулистонлик. Энхтур Жугдергаравдан устун келди ва турнирда бронза медали соҳибига айланди”, — дейилади хабарда.
Айтилишичпа, бу Жумаевнинг катталар ўртасида халқаро майдондаги дастлабки соврини бўлди.
Бугун Тожикистонда дзюдо бўйича “Катта дубулға” мусобақаси ўз якунига етади. Оғир вазн тоифасида кечадиган беллашувларда Ўзбекистон терма жамоасининг тўққиз нафар аъзоси кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси март ойида Туркияда ўтган “Катта дубулға” турнирида қўлга киритган дастлабки медали ҳам бронза эди. Бу медалга Шаҳрам Аҳадов муаллифлик қилган.
Шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтган “Катта дубулға” турнирида 68 та мамлакатдан 500 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Мусобақада ўзбекистонлик спортчилар 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза, жами 6 та медалга сазовор бўлишди.