ТОШКЕНТ, 1 май — Sputnik. Ўзбекистон ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ўртасида (ОИИБ) 2,58 миллиард долларлик 12 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида ўтган учрашувда сўз борди.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Осиё ОИИБ вице-президенти Константин Лимитовский билан учрашди.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) вице-президенти Константин Лимитовский билан учрашди.
© Пресс-служба Министерства инвестиций и внешней торговли Узбекистана
Томонлар энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш ва сув таъминоти соҳаларида истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилиш жараёни ҳамда 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурига киритилган янги ташаббусларни биргаликда амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқишди.
“Дастур доирасида яшил энергетика, сув таъминоти, автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва инфратузилмавий ривожланиш каби жами 2,58 миллиард долларлик 12 та лойиҳани молиялаштирилиши назарда тутилган”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда банк иштирокида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, сув таъминоти ва канализация, энергетика, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби тармоқларда умумий қиймати 2,57 миллиард долларлик 13 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шунингдек, сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган AIIB Бошқарувчилар Кенгашининг 9-йиллик йиғилишига тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, Ўзбекистон президентининг шу йилнинг январь ойида ОИИБ бош қароргоҳига ташрифи якунлари бўйича 2024-2026-йилларда Ўзбекистон ва ОИИБ ўртасида умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик қўшма лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланган эди.