ТОШКЕНТ, 29 апр — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев III Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича тақдимот билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 2022 йилда ўтган илк форумга 56 мамлакатдан мингдан зиёд хорижий меҳмонлар келган бўлса, бу йил 84 та давлатдан қарийб 2 минг 500 киши қатнашиши кутилмоқда.
Президентга Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик бўйича ахборот берилди.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Улар орасида ҳукумат вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари, БМТ, ЕТТБ, ОПЕК, ШҲТ каби халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар бор”, — дейилади хабарда.
Форум мамлакатнинг иқтисодий имкониятларини кўрсатиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни келишиш учун қулай майдондир. Шу боис унинг доирасидаги тадбирлар, муҳокама қилинадиган масалалар кўп.
“Жумладан, шўъба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари каби 40 дан ортиқ тадбирлар режалаштирилган. Шунингдек, юртимиздаги қатор лойиҳаларни ишга тушириш маросими кўзда тутилган”, — дея қайд этилди тақдимотда.
Ўзбекистон етакчиси форумни юқори даражада ташкиллаштириш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини тўла намоён этиш бўйича кўрсатмалар берди.
3 май куни президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг иккинчи ялпи мажлиси ҳам ўтказилади.
Маълумот учун, ушбу кенгаш жаҳон тажрибаси ва амалиётларига таянган ҳолда, Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳатлар беради. Бу галги мажлисда ҳам мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга доир долзарб масалалар кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 2-3 май кунлари Тошкентда учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади.