ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Хиванинг “Ичан қалъа” мажмуасида II “Лазги” халқаро рақс фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар берди Маданият вазирлиги.
“Лазги” халқаро рақс фестивалида дунёнинг 33 давлатидан 200 дан зиёд истеъдодли раққосалар, профессионал рақс жамоалари, рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар ва фахрий меҳмонлар иштирок этишмоқда.
Фестивалда танлов иштирокчилари чиқишларини халқаро ҳамда ўзбекистонлик ҳакамлар баҳолаб боради. Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ, Тожикистон, Қозоғистон, Япония, Бразилия, Франция, Мисрдан келган вакиллар фестивалда Фахрий меҳмон сифатида иштирок этишмоқда.
Фестивал доирасида “Хоразм “Лазги” рақси: Маданий дипломатияни ривожлантиришнинг илмий – назарий, маънавий – маърифий тамойиллари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳам бўлиб ўтди.
Шунингдек, фестиваль доирасида рақс танлови ўтказилмоқда, унда хорижий ва маҳаллий иштирокчилар ижодий беллашмоқда. Қолаверса, хорижлик мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари, ижодий учрашув ва маҳорат дарслари, концерт томошалари ва “Хоразм лазги рақси” санъатига оид кўргазмалар ташкил этилган.
Фестивалнинг тантанали ёпилиш ва ғолибларини тақдирлаш маросими 29 апрель куни бўлиб ўтади.
“Гран-При мукофоти - 7 000 долларни ташкил этди. 1-2-3 ўринларни қўлга киритганлар учун мос равишда ҳар бир йўналишда 3 та номинация (“Энг яхши яккахон рақс ижрочиси”, “Энг яхши рақс жамоаси”, “Энг яхши саҳналаштирилган рақс”) бўйича 5 000, 3000, 2000 доллардан мукофотланади”, — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон ҳар икки йилда бир маротаба 25 — 30 апрель кунлари Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида “Лазги” халқаро рақс фестивали ўтказилади. 2022 йили бўлиб ўтган “Лазги” халқаро рақс фестивалида дунёнинг 30 давлатидан 175 дан зиёд иштирокчи қатнашган.