ТОШКЕНТ, 28 апр — Sputnik. Қатар авиакомпанияси июнь ойидан Доҳа-Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўяди, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Ашраф Хўжаев "Qatar Airways" компанияси бош ижрочи директори Бадр Муҳаммад Ал-Мийр билан учрашди. Унда давлатлараро тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш, карго ташувларини амалга ошириш, замонавий авиахизматлар соҳасида тажриба алмашиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Бадр Муҳаммад Ал-Мийр Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дўстона алоқаларни шакллантиришда давлатларни боғлаб турадиган авиақатновларни йўлга қўйиш жуда муҳим эканлигига эътибор қаратди.
Айтилишича, томонлар шу йилнинг 2 июнь куни Доха-Тошкент-Доҳа авиақатновининг тантанали очилиш маросимини ўтказишга келишиб олишди.
"Режаларимиз ва умидларимиз улкан. Дастлаб ҳафтасига 4 марта, кейинчалик эса кунлик равишда ҳаво қатновларини амалга оширишни режалаштирганмиз", – деди у.
Бундан ташқари, тўғридан-тўғри авиақатновлар орқали ўзаро туристлар оқими ва икки томонлама савдо ҳажмлари ҳам ошиб бориши қайд этилди.