ТОШКЕНТ, 27 апр — Sputnik. Бир кечада Краснодар ўлкаси ва Қрим осмонида 68 та Украина дронлари уриб туширилди, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
“Ўтган кечада Киев режимининг Россия Федерацияси ҳудудидаги объектларга самолёт типидаги учувчисиз учоқлар ёрдамида террорчилик ҳужумларини амалга оширишга уринишлари тўхтатилди. Краснодар ўлкаси ҳудудида навбатчилик қилаётган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 66 та Украина дронини тутиб олди ва йўқ қилди, Қрим ярим оролида яна иккита дрон йўқ қилинди”, — дейилади хабарда.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратьевга кўра, душман дронлари инфратузилма объектлари ва нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилишга уринган, қурбонлар йўқ.
Славянский тумани раҳбари Роман Синяговскийнинг аниқлик киритишича, маҳаллий нефтни қайта ишлаш заводи ҳудудидаги дистиллаш колоннаси тўққизта дрон ҳужумидан сўнг шикастланган.
Украина Қуролли кучлари мунтазам равишда дронлар ёрдамида Россия ҳудудидаги объектларга ҳужум қилишга уринади ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уларнинг ҳаракатларини бостиради.