ТОШКЕНТ, 26 апр — Sputnik. 24 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг "Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларини аутсорсинг асосида хусусий сектор томонидан амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, президентнинг "Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ-330-сон қарори билан тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда узунлиги 20 километргача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш белгиланган ҳамда лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.
Автомобил йўллари қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2024 йил 1 майдан бошлаб тажриба-синов тариқасида умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш лойиҳалари бўйича эълонларни давлат харидларининг махсус ахборот порталига жойлаштиради.
Транспорт вазирлиги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилиш ишларига аутсорсинг асосида хусусий секторни жалб қилиш бўйича ўтказиладиган тажриба-синов натижаларига кўра ижобий кўрсаткичларга эришилган тақдирда 2025 йил 1 декабрга қадар кейинги йиллар учун аутсорсинг асосида эксплуатация қилинадиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини аутсорсинг асосида эксплуатация қилиш ишлари 2024 йил 1 майдан бошлаб давлат бюджетидан Автомобиль йўллари қўмитасига умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини таъмирлаш, эксплуатация қилиш ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф қилиш ва уларнинг олдини олиш ишларига ажратилган маблағлар доирасида асослантирилган ҳисоб-китобларга мувофиқ молиялаштирилади.