ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Хитой етакчиси Си Цзиньпин Пекинда Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашувда Украинадаги инқирозини ҳал қилишнинг тўрт тамойилини таклиф қилди, деб ёзмоқда "Синхуа" агентлиги.
Тамойиллар қуйидагича:
"Биринчидан, тинчлик ва барқарорликни сақлашни биринчи ўринга қўйишимиз, ғаразли манфаат кўзлашдан сақланишимиз керак.
Иккинчидан, оловга мой сепгандан кўра вазиятни юмшатишимиз керак.
Учинчидан, тинчликни тиклаш учун шароит яратишимиз, кескинликни янада кучайтирмаслик керак.
Тўртинчидан, биз глобал иқтисодиётга салбий таъсирни камайтиришимиз ва глобал саноат ва таъминот занжирлари барқарорлигига путур етказишдан тийилишимиз керак”, — дея Хитой раҳбарининг сўзларини келтирган агентлик.
Шольц 14 апрель куни Хитойга ташриф буюрди. Бу унинг Германия канцлери сифатида Хитойга иккинчи сафари. Унга атроф-муҳит, қишлоқ хўжалиги ва транспорт учун масъул уч вазир ҳамроҳлик қилмоқда. Делегация таркибида Германиянинг етакчи компаниялари, хусусан, "Siemens", "Mercedes-Benz" ва BMW вакиллари ҳам бор. Ташриф давомида асосий эътибор икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларга қаратилиши айтилган.