Ўзбекистон ва Саудия Арабистони махсус паспорт эгаларига визада енгиллик берилади

Тошкентда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлари дипломатик ва махсус паспорт эгаларини ўзаро қисқа муддатли виза талабларидан озод этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов маълум қилди.
Саидов Тошкентга ташриф буюрган Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд билан учрашди. Учрашувда икки давлат ўртасида кўп қиррали ҳамкорлик ва кенг қамровли шериклик муносабатларини амалий бойитишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотдан минтақавий кун тартиби ва кўп томонлама платформалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари ҳам ўрин олди.
“Дипломатик ва махсус паспорт эгаларини ўзаро қисқа муддатли виза талабларидан озод этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни имзоладик”, — дея ёзди Саидов ўзининг Telegram-каналида.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони мунтазам авиақатновлар сонини оширишга келишиб олди