ТОШКЕНТ, 16 апр — Sputnik. Йил бошидан буён 23,5 минг киши хорижга ишга жойлаштирилди, деди Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили Ортиқхўжа Норов.
Агентлик томонидан 2024 йилда қуйидагилар амалга оширилган:
23 535 кишига Россия, Туркия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Буюк Британия, БАА, Германия, Латвия, Беларусь, Литва, Япония, Польша ва бошқа давлатларда ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлашишига кўмаклашилди.
Жами 73 мингдан ортиқ фуқароларга турли ахборот, ҳуқуқий ва ижтимоий хизматлар кўрсатилди.
827 нафар фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролардан 22 нафари вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, 197 нафари Ўзбекистонга олиб келинган.
Хориждаги ваколатхоналари аралашуви билан фуқароларнинг иш берувчиларидан 186 минг АҚШ долларига яқин иш ҳақлари ундириб берилган.
Бундан ташқари, хорижда ишлаш истагида бўлган 13 476 нафар фуқарога 30 га яқин турдаги касбларни ўргатишга ва 2 980 нафар фуқаролар немис, инглиз, корейс, япон ва бошқа чет тилларига ўқишга жалб қилинган.
Шунингдек, Германия, Туркия, Беларусь, Латвия, Саудия Арабистони, Литва, Сербия, Хорватия, Буюк Британиядаги иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича 28 та шартнома имзоланган.