ТОШКЕНТ, 31 мар — Sputnik. Энди автомобилларга экологик тоифаларига қараб “яшил“, “сариқ” ва “қизил” стикерлари бепул берилади. Бу ҳақда Вазилар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 166-сонли қарорида назарда тутилган.
Қарорга кўра, 1 июндан бошлаб “Экологик транспорт" тизими босқичма-босқич жорий этилади. Унга кўра, барча тоифалардаги автомототранспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослиги назорат қилинади.
“Диагностик текширув натижаларига асосан транспорт воситаларига қалбакилаштиришдан ҳимояланган ва электрон белгига эга стикерлар берилади. Шунга кўра, транспорт воситалари “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ранглар билан белгиланадиган “тоза”, “ўрта” ва “зарарли” экологик тоифаларга бўлинади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Диагностик текширувлар ва стикерлар бериш бепул амалга оширилади.
Ҳудудлар 2030 йилгача босқичма-босқич экологик зоналарга ажратилади
Ҳужжатга кўра, "Экологик транспорт" тизими доирасида ҳудудлар улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида "яшил", "сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза", "ўрта" ва "зарарли" экологик зоналарга ажратиб борилади.
“Экологик транспорт” тизими қуйидаги босқичларда жорий этилади:
биринчи босқичда (2024–2026-йилларда) – Тошкент шаҳрида;
иккинчи босқичда (2026–2028-йилларда) – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ва дам олиш маскани ва бошқалар);
учинчи босқичда (2028–2030-йилларда) – бошқа барча ҳудудларда.
Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш чоралари кўрилади.
Экологик зоналар ҳудудида фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланади.
“Жарима маблағлари эса мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилашга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мақсадли йўналтирилади”, — дейилган ҳужжатда.
Электромобил ва янги машина эгаларига яшил стикер почта орқали юборилади
Шу йилнинг 1 июнидан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида транспорт воситаларининг нормативларга мослиги даражасини аниқлаш ва натижалари бўйича экологик стикерлар бериш Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмаларида рўйхатга олиш ва қайта рўйхатга олиш жараёнида босқичма-босқич амалга оширилади. Мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмайди.
Бунда экологик стикерларга эга бўлмаган транспорт воситалари экологик стикерлар бериш тартиботларидан қуйидаги муддатларда ўтказилиши зарур:
2027 йил 1 январга қадар – Тошкент шаҳрида;
2029 йил 1 январга қадар – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда экологик зоналарга ажратилган алоҳида экологик зоналарда;
2031 йил 1 январга қадар – бошқа барча ҳудудларда.
Электромобил ва электромотоцикллар ҳамда ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган бошқа турдаги транспорт воситаларига уларнинг эгалари томонидан онлайн ахборот тизимлари орқали юборилган мурожаатлар асосида реал вақт режимида “яшил” экологик тоифасига мансуб экологик стикерлар мазкур хизматлар учун алоҳида тўлов ундирилмасдан диагностик текширувисиз берилади ва почта орқали юборилади.
Шошилинч ва тезкор хизмат транспорт воситаларидан ҳамда жамоат транспортидан (такси ва йўналишли таксидан ташқари) барча экологик зоналар ҳудудида ҳеч қандай чеклов ва тақиқларсиз фойдаланилади.
Электромобилларни давлат рўйхатидан ўтказишда имтиёз берилади
Шу йилнинг 1 апрелидан бошлаб автомототранспорт воситалари ва уларнинг тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказишда ундириладиган тўлов ставкалари — электромобиллар, мототранспорт воситалари ва автотранспорт воситалари тиркамаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов белгиланмоқда.
Электромобиллар, мототранспорт воситалари ва автотранспорт воситалари тиркамаларидан бошқа барча автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун эса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 6,84 баравари миқдорида тўлов белгиланмоқда.