ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Хитой компанияси талабга жавоб берадиган автомобиль йўлларини қуриш бўйича таклиф ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.
Транспорт вазирлигида Хитой Халқ Республикасининг “CITIC Construction” компанияси билан автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш йўналишидаги лойиҳалар муҳокамасига бағишланган навбатдаги учрашув бўлиб ўтди.
"Компания Пунган-Наманган, Тошкент-Чиноз автомобиль йўлларини реконструкция қилиш билан бирга янги пуллик йўлларни қуриш бўйича ўз халқаро тажрибаси билан мамлакатнинг транспорт инфратузилмасини яхшилашда иштирок этиш хоҳишини билдирди", — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, бунда қурилиш соҳасидаги замонавий ечимлар қўлланилади.
Транспорт вазири ўз навбатида ушбу йўллар халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда қисқа вақтда қурилиши ҳамда қурилиш таннархини арзонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
"Компания лойиҳаларни ўрганиш ишларини олиб бораётгани, яқин кунларда барча талабларга жавоб берадиган лойиҳа таклифларини тақдим этишини маълум қилди", — дея қўшимча қилинган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Хитойнинг “CITIC Construction” компаниясининг қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош директори ўринбосари Ванг Ибо бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятига ташриф буюрган эди. Унда компания вакиллари вилоят ҳокими билан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, логистика, уй-жой ва йўл қурилиши йўналишларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишган.