ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Ўзбекистондаги вазирлик ва идора ходимларининг Куала-Лумпурда малакасини ошириши режалаштирилмоқда, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги бош котибининг кўп томонлама ҳамкорлик бўйича ўринбосари Бала Чандран Тарман билан учрашди.
Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Куала-Лумпурнинг 2025 йилда Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясида (АСЕАН) раислиги доирасидаги олий даражадаги мулоқот истиқболлари бўйича фикр алмашилди.
Халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби кўп томонлама платформалардаги ташаббус ва номзодларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Малайзия техник ҳамкорлик дастури доирасида Ўзбекистоннинг вазирлик ва идоралари вакилларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
“Учрашув якунида Куала-Лумпур шаҳрида режалаштирилган иқтисодий дипломатия, давлат бошқаруви, коррупцияга қарши кураш, ислом молияси ва банк иши, ҳалол саноати, ҳудудий иқтисодий ривожланиш, АКТ, таълим, киберхавфсизлик, туризмни бошқариш каби ўқув курсларида Ўзбекистон вакилларининг иштирокини таъминлаш тўғрисида келишиб олинди”, — дейилади хабарда.