ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Наманган халқаро аэропортининг йўловчи терминали қуввати соатига 1 минг нафарга етказилади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Наманган халқаро аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди.
"Фарғона водийсидан мамлакатимиз воҳаларига довон орқали ўтилади. Поезд қатновлари ҳамма йўналишларда ҳам эмас. Шу боис мазкур аэропорт инфратузилмасини янгилашни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда. Бу тадбиркорлик, транспорт хизматлари ва туризм ривожига катта туртки беради", — дейилади хабарда.
Лойиҳа доирасида юк терминали, кейтеринг, ёнилғи қуйиш мажмуаси ва бошқа хўжалик бинолари қурилиши режалаштирилган.
"Аэропортнинг йўловчи терминали қуввати соатига 1 минг нафарга етказилади. Юк терминали тадбиркорлик, экспорт ва транзит салоҳиятини оширади", — дея қайд этилган хабарда.
Шу билан бирга, махсус сервис техникалари парки янгиланади. Бу исталган турдаги самолётларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини яратади.
Давлат раҳбари аэропортнинг самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди. Маҳаллий ва халқаро рейсларни кўпайтириш, логистика имкониятларидан тўла фойдаланиш зарурлигини айтди.
Чипталар нархини аҳолига қулай қилиш асосий вазифа этиб қўйилди.