Имтиёзли кредитлар, ишга солинмаган имкониятлар: Наманганни қандай ўзгаришлар кутмоқда?

Шавкат Мирзиёев мутасаддилар билан Наманган вилоятини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 мар — Sputnik. Одамларнинг меҳнати ва тадбиркорлиги билан Наманганда ҳаёт ўзгармоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокидаги Наманган вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, Сайхунобод тажрибаси асосида Наманганда ҳам катта ҳаракат бошланган. Вилоятнинг 14 та туманидаги 788 та маҳаллага банк филиаллари бириктирилган. Улар “маҳалла еттилиги” билан бирга хонадонлардаги имкониятларни, оиланинг хоҳиш-истакларини ўрганмоқда.
Биринчи босқичда кам даромадли 4 мингта хонадон танлаб олиниб, оила аъзолари жон бошига ойлик даромадни 2 миллион сўмгача ошириш чоралари кўрилади. Кейинги босқичда яна 4 мингтасига молиявий, техник, маслаҳат ва бошқа кўринишдаги амалий ёрдам берилади. Маҳаллаларда гулчилик, балиқчилик, асаларичилик, чорвачилик, узумчилик, қулупнай ва картошка етиштириш имконияти, айниқса, яхши. Бунга имтиёзли кредитлар ажратилади.
“Бу ишларни ким қилиши керак? Президент вакили бўлган ҳокимлар, сектор раҳбарлари, 5 мингдан ортиқ иқтисодий идора ходимлари, маҳалладаги “еттилик” қилиши лозим. Бунинг учун барча масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлайдиган тизимни йўлга қўйиши керак”, – деди давлат раҳбари.
Сўнгги йилларда тўқимачиликда хомашёни тўлиқ қайта ишлаш йўлга қўйилиб, экспорт ҳажми 1 миллиарддан 4 миллиард долларга кўпайди. Худди шундай, заргарликда ҳам салоҳият ҳозиргидан анча юқори.
“Шу боис тадбиркорлар учун алоҳида шароитларга эга заргарлик зоналари ташкил қилиниши айтилди. Соҳага хомашё етказиш, мутахассис тайёрлаш, ишлаб чиқариш занжири ва сотиш тизими бутунлай қайта кўриб чиқилади. Бу борада қонунчиликка ҳам таклифлар киритилади”, – дейилади хабарда.

Йўллар ва туризм

Ангрен шаҳридан то Тўрақўрғонгача 100 километр юрилади, автомобиль оқими кунига 10 мингдан ошади. Тадбиркорлар бу йўл бўйида ошхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўпайтириб, 10 минг аҳолини доимий банд қилишга тайёр. Буни тартибли ташкил қилиш учун мастер-режа ишлаб чиқиб, ерларни аукционга чиқариш вазифаси қўйилди.
Наманган вилоятининг тоғли ва хушманзара ҳудудларида туризмни ривожлантириш, сайёҳларга қулайлик яратиш учун авиа ва темирйўл қатновларини кўпайтириш зарурлиги айтилди.

Вилоятда саноат салоҳияти

Сўнгги йилларда 72 та кичик ва ёшлар саноат зоналари ишга тушди. Лекин 16 та саноат зонасида 78 гектарда қўшимча лойиҳа жойлаштириш имконияти бор. 29 та норуда конига саноат кириб бормаган. Вилоятнинг қўшни давлатларга экспорти 568 миллион доллар. Бу бор имкониятга мутлақо тўғри келмайди.
Шу боис конларни савдога чиқариш, қўшимча божхона постлари ва савдо уйлари очиш, Наманган халқаро аэропортида юк терминали ва Қамчиқ довонига яқин жойда логистика маркази ташкил этиш чоралари белгиланди. Тўқимачилик, чарм-пойабзал, заргарлик, электр техникаси, қурилиш материаллари тармоқларидаги лойиҳалар бўйича кўрсатмлар берилди.
“Куни кеча Норин дарёсида ГЭСлар каскади, Поп туманида минг мегаваттли 2 та қуёш электр станцияси қурилиши бошланди. Келгуси йилда Катта Андижон каналида 51 мегаваттли кичик ГЭСлар каскади ҳам ишга туширилиши режалаштирилган. Буни давом эттириб, гидроэнергетикани ҳар бир сой, ҳар бир маҳаллага олиб кирадиган тизим қилиш муҳимлиги қайд этилди”, – дея қайд этилди йиғилишда.
Учқўрғон, Поп, Уйчи ва Мингбулоқда Словения тажрибаси асосида интенсив балиқчилик йўлга қўйилиши, бу тармоқда 4 та йирик лойиҳа ишга туширилиши айтилди.
Наманганда 1,5 миллион тонна мева-сабзавотдан 10 фоизи экспорт қилинган. Агар иш тўғри ташкил қилинса, экспортини 3-5 баробар ошириш мумкин. Шу мақсадда вилоят мева-сабзавот экспорти географияси Хитой, Германия, Италия, Испания ва Араб давлатларига кенгайтирилади. 54 минг гектар ернинг агрокимёвий харитаси ишлаб чиқилиб, 18 минг гектари “GSP+” талабларига мослаштирилади.
“Вилоятда мева-сабзавот, гўшт ва сутни қайта ишлаш даражаси ҳам кам. Масалан, Косонсой ва Чортоқ мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлса-да, бирорта қайта ишлаш корхонаси йўқ. Шу боис бу йўналишда 141 миллион долларлик 62 та лойиҳа ишга туширилади. Косонсой ва Попда йирик чорвачилик кластерлари ташкил этилади”, – дея таъкидланган хабарда.
Айтилишича бугунги кунда 200 минг аҳоли учун Янги Наманган шаҳри қурилмоқда. Энди Чуст ва Поп туманида 10 минг аҳоли учун “Янги Ўзбекистон” массивлари, яна 20 минг хонадонли турар жойлар, IT-парк ва боғ барпо этилади.
Вилоятдаги 16 та ихтисослашган тиббиёт маркази негизида иккита – биринчи ва иккинчи Наманган тиббиёт марказлари ташкил этилади. Бунда шошилинч ва бошқа тиббий хизматлар, диагностик текширувлар ҳамда тор соҳа мутахассисларини бир жойга жамлаш, аҳолига туну кун хизмат кўрсатиш имкони яратилади.
Мирзиёев мутасаддиларга аҳоли даромадларини ошириш бўйича қандай топшириқлар берди?