ТОШКЕНТ, 18 мар — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин чет эллик ҳамкасбларидан Россия президенти сайловидаги ғалабаси муносабати билан табрикларни қабул қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда президент котиби Дмитрий Песков маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
Шу вақтгача Владимир Путин Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусь, Шимолий Корея, Эрон ва Хитой етакчиларидан табрикларни қабул қилиб олди.
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Путинни Россия Федерацияси президенти сайловидаги ғалабаси билан табриклади.
Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров ўз табригида Владимир Путиннинг Россия президенти сайловидаги ғалабасини Россия халқи давлат суверенитетини мустаҳкамлаш бўйича оқилона сиёсатни қўллаб-қувватлашининг яққол кўрсаткичи деб атади.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев россиялик ҳамкасби Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, уни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади. Алиев мамлакат тараққиёти ва фаровонлиги йўлидаги президентлик фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни сайловдаги ишончли ғалабаси билан табриклади ва ҳукумат фаолиятида улкан муваффақиятлар тилади.
Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия давлат раҳбари Владимир Путиннинг Россия Федерациясида бўлиб ўтган президентлик сайловидаги ғалабасини ажойиб деб атади. Унинг сўзларига кўра, Россия президенти сайловлари Беларусда “ҳеч бир жойда бўлмаганидек уюшқоқлик билан” ўтказилди.
Эрон президенти Иброҳим Раисий Владимир Путинга мактуб йўллаб, уни Россияда бўлиб ўтган президент сайловидаги ғалабаси ва давлат раҳбари лавозимига қайта сайлангани билан табриклади. Элчихона маълумотларига кўра, ушбу мактубда Раисий ҳам Москва ва Теҳрон ўртасидаги ривожланаётган муносабатлардан мамнунлигини билдириб, уларни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган.
Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин КХДРнинг Россиядаги элчихонаси орқали Путинга табрик йўллади. Хабарда айтилишича, Шимолий Корея етакчиси Россия президенти этиб қайта сайлангани муносабати билан Владимир Путинга табрик йўллаган.
Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳам Владимир Путинга телеграмма йўллаб, уни Россия Федерацияси президенти лавозимига қайта сайлангани билан табриклади.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилги Россия президенти сайловида овоз бериш 3 кун давом этди: 15, 16 ва 17 март кунлари. Давлат раҳбари лавозимига тўрт нафар номзод рўйхатга олинган: Леонид Слуцкий (ЛДПР), Николай Харитонов (КПРФ), Владислав Даванков (Новие люди) ва Владимир Путин (мустақил номзод).