Ўзбекистон ва Эрон талаба қизлар учун алмашинув дастурларини ишлаб чиқишга келишиб олди

Ўзбекистон ва Эрон хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Ўзбекистон ва Эрон хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорлик йўлга қўйилади, дея хабар берди Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.
Нью-Йоркда амалий ташриф билан бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Нарбаева Эрон Ислом Республикасининг Хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича вице-президенти Энсиё Хазалий билан учрашди.
“Илмий муассасалар ўртасида оила ва хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда Ўзбекистон ва Эроннинг етакчи олий таълим муассасаларида талаба қизлар учун алмашинув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олинди”, — дейилади хабарда.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик доирасида хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама этилди.
"Бу борада уларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-маърифий ҳаётдаги иштирокини ошириш, жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўшма лойиҳалар асосида бирлаштириш истиқболлари кўриб чиқилди", — дея қўшимча қилинган хабарда.
Қайд этилишича, олий даражадаги, шунингдек, икки давлат ҳукуматлари ва парламентлари ўртасидаги фаол ўзаро алоқалар мамлакатлар аёллари ўртасидаги ҳамкорлик учун муҳим платформа яратмоқда.
Қишлоқ аёллари учун таълим ва ҳимоя: Нарбаеванинг БМТдаги ташаббуслари