ТОШКЕНТ, 12 мар — Sputnik. Озарбайжоннинг Ганжа шаҳрида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти маркази очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон делегацияси ганжалик олимлар ва зиёлилар билан учрашди. Унда Ганжа университети, Озарбайжон миллий илмлар академиясининг Ганжа бўлими ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.
Шухрат Сирожиддинов
© Академии наук Узбекистана
“Учрашув Ганжа шаҳрида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказини очиш бўйича келишув имзоланди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов Озарбайжон Миллий илмлар академияси президенти академик Иса Ҳабибейли таклифига биноан Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институтининг 90 йиллигига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
Шунингдек, у Озарбайжон Тилшунослик интитути илмий жамоаси томонидан нашрга тайёрланган Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк” китоби тақдимотида қатнашди.
Шухрат Сирожиддинов
© Академии наук Узбекистана
Мазкур нашр 1937 йил ўзбек маърифатпарвар жадидчиларидан бўлган Холид Саидхўжаев томонидан озарбайжон тилига таржима қилинган матн асосида тайёрланган.
“Холид Саидхўжаев 1918 йил жадидчилик ҳаракатига қарши қатлиом бошланганда Ўзбекистондан Озарбайжонга кўчган, аммо бу ерда ҳам мустабид тузум қатағонига учраб 1937 йил отувга ҳукм этилган эди. Саидхўжаевнинг ушбу таржимаси қарийб 100 йил давомида номаълум бўлиб, институт томонидан олиб борилган узоқ изланишлардан сўнг топилди”, —дейилади хабарда.
Сирожиддинов мазкур нашр дунё туркологиясида янги тадқиқотларга туртки бериши шубҳасизлигини таъкидлади.