Хиванинг шуҳрати янада юксалади — шаҳарга янги мақом берилди

Хива Ислом дунёсининг сайёҳлик шаҳрига айланди. Бу шаҳарга хорижий ва маҳаллий сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш, шунингдек, туризм инфратузилмасини янада фаол ривожлантириш имконини беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги шаффофлик сиёсати, виза режимини соддалиги, маданий меросни асраб-авайлаш ва тарихий шаҳарларни ободонлаштириш бўйича олиб борилаётган чораларни инобатга олган ҳолда Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар 2024 йилда Хива шаҳрига "Ислом дунёсининг сайёҳлик шаҳри" мақомини бериш учун овоз берди.
Қадимий шаҳар ушбу номинацияни 2022 йил июнь ойида ИҲТга аъзо давлатлар туризм вазирларининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган XI сессиясида олган эди. Ўшанда Абу-Даби (БАА), Шанлиурфу (Туркия), Лаос (Нигерия) ва Душанбе (Тожикистон) ҳам худди шундай мақом олиш учун номинацияга қўйилган эди. Шаҳар танланишида асосий мақсад унинг маданияти ва тарихининг Ислом дунёсига таъсирини баҳолаш эди.
Сертификатни Хива ҳокими Тимур Давлетовга ИҲТ бош котиби ўринбосари Аҳмад Кавеса Сенгендо топширди.
“Ислом ҳамкорлик ташкилоти томонидан Хива шаҳрига Ислом дунёсининг сайёҳлик шаҳри мақоми берилгани Хива шаҳрининг халқаро туризм бозорида янада машҳур сайёҳлик йўналишига айланиши имконини бермоқда”, – деди Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов.
Хива – Марказий Осиёда тўлиқ сақланиб қолган ягона ёдгорлик шаҳридир, деб таъкидлади Туризм қўмитаси. Шу сабабли ҳам шаҳар ҳар куни бутун дунёдан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Ўтган йили бу ерга 500 мингдан ортиқ сайёҳ ташриф буюрган. Жамшид Абдусаломовнинг сўзларига кўра, уларнинг 20 фоизга яқини ИҲТга аъзо давлатлар вакилларидир.
“Хива бутун ислом дунёсига машҳур ва ИҲТ бу шаҳарни оммалаштиришга қўшимча туртки бўлмоқда. Хивага келаётган сайёҳлар сонини йилига 1 миллион кишига етказишни режалаштирмоқдамиз”, — қўшимча қилди Абдусаломов.
Хива россиялик сайёҳлар учун ҳам машҳур йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Sputnik агентлигига Туризм қўмитасининг аниқлик киритишича, 2023 йилда Хивага Россия Федерациясидан 193 минг сайёҳ ташриф буюрган.
Шаҳарнинг асосий рамзи бўлган Ичан-қалъа мажмуасининг ёши икки минг йилдан ошган. Sputnik Ўзбекистон мухбирига маҳаллий гид Мадамин Мадаминовнинг маълум қилишига кўра, шаҳар-музей ҳудудида 360 та уй мавжуд бўлиб, уларда шу кунгача 3 мингга яқин аҳоли рўйхатга олинган.
Жорий йилда президент қарори доирасида Хива шаҳрининг сайёҳлик салоҳиятини фаол тарғиб қилиш мақсадида “Taste of Uzbekistan Festival” гастрономик фестивали, Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган "Strongmen" халқаро мусобақаси, шунингдек, Халқаро зиёрат туризми каби тадбирлар ҳафталиги ўтказилади.
Малумот учун, бугунги кунда ИҲТ 1,7 миллиард аҳолига эга 57 давлатни бирлаштирган дунёдаги энг йирик халқаро ташкилотлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ушбу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлган.