ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Россиянинг Свердловск вилояти ишбилармонлари Самарқанд ва Тошкентдаги тадбиркорлар билан ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари "Финансовая Корпорация Открытие" ОАЖ банкининг Ғарбий-Сибирь ваколатхонаси бўлими менежери Светлана Шуматова, шунингдек, "Опора России" кичик ва ўрта тадбиркорлик умумроссия жамоат ташкилотининг Свердловск бўлинмаси мутасаддилари билан учрашишди.
Светлана Шуматова аввал эришилган келишувга асосан "Финансовая Корпорация Открытие" банкининг махсус платформаси ёрдамида Ўзбекистоннинг сармоявий ва экспорт салоҳияти ҳақидаги тақдимот ишлаб чиқилгани ва нуфузли мижозлар ўртасида кенг тарғиб этилаётганини маълум қилди.
Унинг айтишича, банкнинг бир гуруҳ мижозлари Самарқанд шаҳрига режалаштирилган бизнес миссияга катта қизиқиш билдирмоқда.
"Опора России" кичик ва ўрта тадбиркорлик умумроссия жамоат ташкилотининг Свердловск бўлинмаси вакиллари ўз навбатида, ушбу бирлашма аъзолари қишлоқ хўжалик, текстиль ва трикотаж маҳсулотлари, қурилиш, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон томони билан алоқаларни ўрнатиш истагида эканлигини билдирди.
Мазкур жамоат ташкилоти Свердловск вилояти тадбиркорларининг Тошкент шаҳрига амалий сафарини уюштиришга тайёрлиги маълум қилинди.
“Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрига режалаштирилган бизнес миссиялар давомида ҳудудлараро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзбек маҳсулотлари экспортини кўпайтириш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилиши назарда тутилмоқда”, — дейилади хабарда.