ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Мисрлик сармоядор Самарқандда сайёҳлик мажмуасини барпо этиш лойиҳасида иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчихонасида "Arab Nihol Investors" қўшма корхонаси таъсисчиси, мисрлик йирик тадбиркор Аҳмад Зейдан билан музокаралар ўтказилди. Унда Самарқанд вилояти Ургут туманининг тоғ олди ҳудудида сайёҳлик мажмуасини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари ҳақида сўз борди.
© ИА "Дунё"
“Музокаралар якунида лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни Ўзбекистоннинг мутасадди ташкилотлари билан муҳокама қилиш мақсадида алоҳида учрашув ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди”, — дейилади хабарда.
Сайёҳлик мажмуасини уч босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Биринчи босқичда сим йўли қурилади. Шундан сўнг 100 ўринли замонавий меҳмонхона барпо этилади. Сўнгги босқичда эса 100 ўринли санаторий қурилиши мўлжалланмоқда. Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, 500 та янги доимий иш ўрни яратилади.
Лойиҳа уч босқичда амалга оширилиши режалаштирилган:
18 млн долларлик дор йўли қурилиши;
32 млн долларлик 100 ўринли замонавий меҳмонхона қурилиши;
50 млн долларлик 100 ўринли санаторий қурилиши.
Қайд этилишича, лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун яна 1000 гектар ер керак бўлади.