Ҳиндистонлик тадбиркор Тошкентда шифохона учун инвестиция киритмоқчи

Самарқанддаги "Zarmed Pratiksha" Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма шифохонасига 2 млн доллар атрофида хорижий инвестиция жалб этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ҳиндистонлик тадбиркор Ўзбекистонга тиббиёт соҳасидаги янги қўшма лойиҳа доирасида инвестиция киритишни режалаштирмоқда, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистоннинг "North East Healthcare/Srishti Hospitals" компанияси бош ижрочи директори, Самарқанддаги "Zarmed Pratiksha" Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма шифохонаси асосчиси Нишант Бажаж билан учрашди.
Тадбиркорнинг сўзларига кўра, бугунги кунда мазкур қўшма корхонанинг Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида диагностика марказлари ташкил этилган.

“Бу йил Тошкент шаҳрида янги тиббиёт марказини бунёд этиш бўйича ташкилий масалалар ўрганиб чиқилмоқда. Шу мақсадда 2 миллион доллар атрофида хорижий инвестиция жалб этиш кўзда тутилмоқда”, — дея маълум қилди у.

Маълумот учун, Самарқанддаги кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти хоналари, 100 ўринли стационар фаолияти йўлга қўйилган. Интервенцион кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, эндоскопик жарроҳлик, ортопедия ва травматология, урология ва гинекология, отоларингология фаолият турлари учун замонавий диагностика ускуналари ўрнатилган. Бир вақтнинг ўзида 600 кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Тиббий хизматлар халқаро стандартлар асосида комплекс тарзда кўрсатилмоқда.