ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида 29 февраль куни “Voltalia” компанияси томонидан қуввати 100 мегаваттлик қуёш электр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маросимда давлат раҳбари бу соҳанинг стратегик аҳамиятини қайд этди.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Энергетика саноатида барқарорликка эришиш глобал интеграция шароитида ҳар бир давлатнинг стратегик мақсади. Айниқса, қайта тикланувчи генерациялар – замонавий тараққиётга эришиш, иқтисодиётни диверсификация қилишда куч-қувват бўладиган асосий “драйвер”лардан биридир”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Муқобил энергетика ҳисобига бу йил республиканинг электр генерациясида “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши таъкидланди. 2030 йилга бориб, аҳолиси 40 миллиондан ортадиган Янги Ўзбекистон иқтисодиёти учун зарур бўлган энергиянинг 40 фоизини “яшил энергия” ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган.
“Voltalia” компанияси томонидан Тупроққалъа туманида қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланмоқда. Бу Хоразмдаги илк шундай йирик лойиҳа бўлади. Унинг натижасида йилига 254 миллион киловатт соат “яшил энергия” ишлаб чиқарилади. Бу эса Хоразм вилояти йиллик электр энергияси истеъмолининг 11 фоизини қоплайди. Ушбу станцияни йил якунигача тармоққа улаш режалаштирилган”, - дейилади хабарда.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Таъкидланишича, бу лойиҳа ишга тушса, Хоразм вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари 30 фоизга ошиб, 424 мега-ваттга етади. Хусусан, Тупроққалъа туманининг электрга бўлган йиллик 135 миллион киловатт соат талаби тўлиқ қондирилади.
Шу билан бирга, истеъмолдан ортган 40 фоиз энергияни қўшни туманларга узатиш имконияти пайдо бўлади. Яъни, 85 минг хонадонни электр энергияси билан барқарор таъминлашга эришилади. Энг муҳими, ушбу лойиҳа орқали 76 миллион метр куб табиий газ тежалади, атмосферага 106 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Шунингдек, мазкур лойиҳа доирасида илк бор агровольтаика тажрибаси қўлланади. Бу бир майдоннинг ўзида энергия ва қишлоқ хўжалигини бирлаштириш усули бўлиб, қуёш панеллари остида сабзавот ва полиз экинлари етиштирилади.
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Барчангизни нафақат Хоразм вилояти, балки бутун мамлакатимиз иқтисодиётига янги руҳ ва нафас олиб кирадиган мана шундай янги қувватлар билан табриклайман”, – деди президент.