ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Ўзбекистон президентининг тегишли қарори билан қимматбаҳо металларни сотиб олиш тартибига қўшимчалар киритилди.
“Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига киритилган қўшимчаларга кўра, қимматбаҳо металларни кечиктириб тўлаш шарти билан сотиб олиш имкониятидан фойдаланилган ҳар бир кун учун фоизлар ҳисоблаш тартиби жорий қилинди.
Ҳусусан:
30 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига – фоиз ҳисобламаслик;
31-кундан 180 кун ичида амалга оширилган тўловлар қисмига – Марказий банк асосий ставкаси миқдорида фоиз ҳисоблаш белгиланди.
Шунингдек, “Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига киритилган қўшимчаларга кўра, қимматбаҳо металларни биржа савдоларида чегирмалар қўллаган ҳолда сотиб олувчи тадбиркорларга қўйиладиган мезонларни белгилашда тегишли тартиб жорий қилинди.
Хусусан:
яратилган иш ўринларининг камида 70 фоизини заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металл буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ишчилар касбларини ташкил этиш;
яратилган иш ўринларига ишга қабул қилинган ходимларга камида 6 ой давомида иш ҳақи ҳисобланиши ва ушбу ҳолат солиқ органлари томонидан тасдиқланган бўлиши;
тадбиркорлик субъектлари зарур моддий-техника базаси, ускуналар ва бошқа техника воситалари, ишлаб чиқариш майдонлари ҳамда шароитларга эга бўлиши.