ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Энди Ўзбекистонда етиштирилган пиёз Дубай расталарида сотилади. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги хабар берди.
Дубайга Ўзбекистонда етиштирилган пиёзнинг илк партияси етиб борди. Сабзавот Тошкент ва Бухоро вилоятларида етиштирилган бўлиб, фитсоанитария сертификати асосида юкланган маҳсулотнинг илк партияси. Маҳсулот 48 тоннага тенг.
Яна 2 фура (48 тонна) пиёз фитсоанитария сертификати асосида юкланиб, айни вақтда юк машиналар орқали етказилмоқда.
"Буни улкан мегаполисда ўтказилган "Gulfood 2024" кўргазмасининг амалий натижаси дейиш мумкин. Бутун дунёдан иштирок этадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари, ишлаб чиқарувчилар учун халқаро майдонда янги ҳамкорлар, янги алоқалар ўрнатиш учун самарали платформа бўлди", — дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, "Gulfood 2024" доирасида 10 дан ортиқ шартномалар имзоланиб, меҳмонхона бизнеси учун мева-сабзавотлар, дуккакли маҳсулотларни Дубайга етказиш бўйича келишувларга эришилди.