Минскда Ўзбекистон ва Беларусь МСКлари раислари учрашди

Ўзбекистон республикаси МСК Раиси Зайниддин Низамходжаев бошчилигидаги делегация Беларусь республикасининг ягона овоз бериш кунида депутатларга ўтказиладиган сайлов жараёнлари кузатувида иштирок этмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Ўзбекистон МСК делегациясининг ташриф дастури доирасида кеча, 23 февраль куни МСК раиси Зайниддин Низамходжаев Беларусь МСК раиси Игорь Карпенко билан учрашди. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати хабар берди.
Карпенко Ўзбекистон МСК делегацияси аъзоларини 2024 йил 25 февраль куни бўлиб ўтадиган ягона овоз бериш кунидаги сайловларга тайёргарлик кўриш ва улар билан боғлиқ асосий тадбирлар билан таништирди.
Низамходжаев Карпенкога сайловларни мониторинг қилишда иштирок этишга таклиф қилгани учун ўз миннатдорлигини билдирди ва сайловларни муваффақиятли ўтишига ишонч билдирди.
У сайловга тайёргарлик кўриш жараёнлари юқори даражада бўлганлиги ўз навбатида катта қониқиш уйғотганлигини таъкидлади, МСК фаолияти очиқлигини ва халқаро кузатувчилар ишида ҳамкорлик кўрсатаётганини ижобий баҳолади.
Делегация аъзолари қатор сайлов участкаларига ташриф буюрди.
Беларусда ягона овоз бериш кунида 8-чақириқ Беларусь республикаси Миллий мажлиси Вакиллар палатасининг 110 нафар депутати ва 12 514 нафар 29-чақириқ маҳаллий Кенгаш депутатлари сайланади. Мамлакатда 5 411 та овоз бериш участкалари шакллантирилган. Депутатларга ўтказиладиган сайловлар тўғридан тўғри бўлиб, депутатлар фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар. Вакиллар палатаси депутати ва маҳаллий Кенгаш депутатининг ваколат муддати – 5 йил.