ТОШКЕНТ, 22 фев — Sputnik. "Ҳайратон – Мозори Шариф" темир йўл линиясини қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари бошланди, дея хабар берди “Ўзбекистон темир йўллари”.
"Ҳайратон" станциясида “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ҳамда Афғонистон темир йўл бошқармаси вакиллари иштирокида "Ҳайратон – Мозори Шариф" темир йўл линиясини қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига бағишланган очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Томонларнинг келишувига асосан, тиклаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ томонидан биринчи босқич учун 120 нафар ишчи ходим сафарбар қилинди”, — дейилади хабарда.
Биринчи босқичда юк вагонларини қисқа муддатда “Наибобод” станциясига етказиб бериш кўзда тутилган. Бу мақсадда “Ҳайратон” станциясининг “Б” паркида ҳамда темир йўл инфраструктурасининг 57 км бўлган ҳудудларида тўлиқ тиклаш ишлари параллел равишда ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон темир йўллари” 2010 йилда Афғонистондаги Ҳайратон – Мозори Шариф йўли қурилишини якунлаган эди. Унинг узунлиги 75 километрга тенг ва нархи 129 миллион долларни ташкил этди. 2011 йилда компания йўлни бошқариш ва сақлаш учун “Сўғдиёна Транс” шўба корхонасини ташкил этди. "Сўғдиёна Транс" компаниясининг ўн йиллик фаолияти давомида шартнома бир неча бор узайтирилди.