ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган 400 000 сўм номиналдаги банкнотлар ҳеч қандай қонуний асосларга эга эмас, дея хабар берди Марказий банк.
Қайд этилишича, айрим ижтимоий тармоқларда 100 минг сўмлик банкнотнинг номинали кўрсатилган рақамларини 400 минг рақамига ўзгартирилган ҳолатидаги расмлари тарқалмоқда.
“Айрим ижтимоий тармоқларда тарқалаётган 400 000 сўм номиналдаги банкнотлар ҳеч қандай қонуний асосларга эга эмаслиги ва фуқароларимиз бундай ёлғон хабарларга алданиб қолмаслигини сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисидаги қонунининг 39-моддасига асосан мамлакат пул белгиларининг номинал қиймати Марказий банк томонидан белгиланади.
Мазкур қонуннинг 40-моддасига мувофиқ, Марказий банк Ўзбекистон ҳудудида қонуний тўлов воситаси сифатида пул белгиларини муомалага чиқаришда мутлақ ҳуқуққа эга. Янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек, уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йил 27 декабрдан бошлаб янги 50 минг ва 100 минг сўмлик купюралар муомалага чиқарилган. Банкнот олд томони чап қисмида Хоразм вилоятининг Хива шаҳрида жойлашган “ICHAN QAL`A” тарихий музейи тасвирланган.
Марказий банк 1994 йилдан бошлаб 21 та банкнотани муомалага киритган. Ҳозирда улардан 12 таси муомалада бўса, қолган 9 таси муомаладан чиқарилган.